Британиянинг «The Guardian» газетаси таҳлилига кўра, Саудия Арабистони Ямандаги «Ансоруллоҳ» ҳаракати ҳужумлари кучайган бир пайтда АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳарбий ёрдамига тўлиқ таяна олмаслигини англаб етмоқда. Бу ҳақда «Тасним» агентлиги нашр мақоласига таяниб хабар берди.
Газета ёзишича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон сўнгги йилларда Трамп ва унинг куёви, собиқ маслаҳатчиси Жаред Кушнер билан яқин алоқалар ўрнатган. Ар-Риёд АҚШ билан йирик қурол-яроғ шартномаларини тузган ва Америка иқтисодиётига катта миқдорда сармоя киритишни ваъда қилган.
Бироқ «The Guardian» маълумотларига кўра, Ямандаги «Ансоруллоҳ» ҳаракати ҳужумлари кучайганига қарамай, Трамп Саудия Арабистонининг ушбу ҳаракатга қарши Америка ҳаво зарбаларини бериш ҳақидаги илтимосларини бир неча бор рад этган.
Мақолада 10 октябрь куни Ар-Риёд халқаро аэропортига ракета ҳужуми уюштирилгани, оқибатда камида 13 киши ҳалок бўлиб, 300 дан ортиқ киши жароҳатлангани айтилган. Нашр таъкидлашича, ушбу воқеадан кейин ҳам Трамп эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар юзасидан аниқ позиция билдирмаган.
Газета АҚШнинг Эронга қарши урушини ҳам минтақадаги беқарорлик омилларидан бири сифатида кўрсатган. Энергия нархларининг кўтарилиши ва инфляциянинг ўсиши, шунингдек, АҚШдаги оралиқ сайловлар арафасидаги сиёсий вазият Трамп маъмуриятининг ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш борасида эҳтиёткор бўлишига таъсир қилаётгани қайд этилган.
«The Guardian» шунингдек, Трамп оиласининг Саудия Арабистони билан молиявий алоқаларига эътибор қаратиб, тижорий манфаатлар ташқи сиёсатга таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритган.
Нашр хулосасига кўра, минтақада ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш ўрнига дипломатик саъй-ҳаракатлар ва кескинликни пасайтиришга устувор аҳамият бериш АҚШ манфаатларига ҳам, минтақавий барқарорликка ҳам хизмат қилиши мумкин.