Олий ва ўрта таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида техникумларда ўқиш январь ойидан, яъни ўқув йилининг ярмидан бошланган бўлса-да, шартнома пуллари биринчи ярим йиллик учун ҳам тўлиқ ундирилгани, олий таълим муассасаларида бўлгани каби чегирма берилмаётганига изоҳ берди.
«Ўқиш январдан бошлангани билан кейинги ўқув йили бошлангунга қадар техникумларда 2020–2021–йилги ўқув дастурлари тўлиқ якунига етказилади. Яъни қўшимча ўзгартиришлар ва ўқитувчиларнинг юкламаларини ошириш ҳисобига ва белгиланган миқдордаги ўқитувчиларнинг юкламалари бажарилиши ҳисобига харажатлар шунга мос равишда кетади.
Техникум ўқувчилари ҳам мана шу ўқув йилини тўлиқ ўзлаштирган ҳисобланиб, ўқув йили қўшимча муддат талаб қилган ҳолда, июль-августда ҳам ўқиш давом этади ва мана шу ўқув йилига кириб кетади. Шу сабабли тўлиқ ўқув йилига тўлов-контрактлари тўлатилган», деди Абдували Холиқов