Иккинчи сентябрь абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун ҳар доимгидан кўра ўзгача ва ҳаяжонли бошланди.
Бугун олий ўқув юртида ўқиш истаги билан ҳужжат топширган ёшлар ўз билимини синаб кўради. Хуллас, ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди.
Тошкентда ҳам бу жараён қизғин бошланди. Айни дамда пойтахтимизнинг 5 туманида жойлашган 6 манзил – “Пахтакор” стадиони, Ботаника боғи, Миллий боғ, Талабалар шаҳарчаси, “Ғалаба боғи” ҳудудидаги усти ёпиқ саҳна майдони ва “Ашхобод” сайилгоҳида тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Мутасадди ташкилотлар томонидан тест синовлари ўтказиладиган объектларни жиҳозлаш, абитуриентлар учун қулай шароит яратиш, тест ўтадиган ҳудудга киришда дезинфекция йўлакларини ташкил қилиш каби зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.
2020/2021 ўқув йилида пойтахтимиздаги олий таълим муассасаларига кириш учун жами 250 минг 711 абитуриент ҳужжат топширган. Тест ўтказиладиган секторлар 17 тани ташкил этади. Бир сменада 9 минг 930 абитуриент тест топшириш имкониятига эга.
ЎзА мухбири Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчаси сайилгоҳида бўлиб ўтаётган тест жараёнини кузатмоқда.
Тест синовларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида абитуриентларни ҳудудга киритиш ва шахсини аниқлаш учун шахсни идентификациялаш воситаларидан (видеофиксация, бармоқ изи сканери) фойдаланилмоқда. Жараёнлар видеокузатув остида ўтказилмоқда.
– Талабалар шаҳарчаси сайилгоҳида бир вақтда 2 минг 280 абитуриент тест топшира олади. Бу ердаги 8-сектор 900, 9-сектор эса 1300 абитуриентга мўлжалланган. Ҳар бир гуруҳга алоҳида ва умумий кузатув камераси ўрнатилган. Стол-стуллар карантин талабларидан келиб чиқиб, ижтимоий масофа сақланган ҳолда жойлаштирилган. Тест жараёни ўз вақтида бошланди. Ҳудудга телефон олиб кирмоқчи бўлган бир абитуриент жараёндан четлаштирилди, – деди 8-9-сектор раҳбари Бобур Юсупов.
– Ангрен шаҳридан келдик. Катта фарзандим Гўзалхон тест топширгани 9-секторга кириб кетди. Қизим математика, кимё бўйича беш олийгоҳни танлаган. У узоқ тайёрланди. Ўзим ўрта маълумотли бўлганим учун фарзандим билим олиши йўлида барча шароитни яратиб бердим. Худди ўзим ҳам тестга киргандек кучли ҳаяжондаман, – деди Камолхон Акрамов.
Белгиланган вақтдан кечикканлар тест синовларига қўйилмаяпти.
Тест жараёнлари test2020.uz веб-сайти ва тегишли телеканалларда онлайн намойиш этилмоқда.