Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Tesla Германияда ҳайдовчисиз таксилар ишлаб чиқариш учун 3 миллиард евро сарфлайди

Tesla Германияда ҳайдовчисиз таксилар ишлаб чиқариш учун 3 миллиард евро сарфлайди

Илон Маск раҳбарлигидаги Tesla компанияси Германияда ҳайдовчисиз таксилар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 3 миллиард евролик инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқчи.

Bild нашрининг хабар беришича, янги ишлаб чиқариш биноси Бранденбург федерал еридаги Грюнхайде шаҳрида барпо этилади. У ерда компаниянинг Cybercab номли автоном таксилари ишлаб чиқарилади.

Қурилиш ишларини 2027 йилнинг биринчи ярмида бошлаш, автомобиллар ишлаб чиқаришни эса 2029 йилда йўлга қўйиш режалаштирилган.

Tesla жорий йил охирига қадар қурилиш учун зарур рухсатномаларни олиш бўйича ариза топширмоқчи.

Йилига 1 миллионта ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

Лойиҳа доирасида янги ишлаб чиқариш цехи, ёрдамчи бинолар ва оқова сувларни тозалаш учун қўшимча иншоот қурилади.

Компаниянинг узоқ муддатли режаларига кўра, янги қувватлар йилига 1 миллионтагача Cybercab ишлаб чиқариш имконини бериши мумкин. Ушбу автомобиллар ҳайдовчи иштирокисиз йўловчиларни манзилига етказишга мўлжалланган.

Бундан ташқари, Грюнхайдедаги корхонада мавжуд моделларни ишлаб чиқариш ҳажмини ҳафтасига 7,5 мингтагача етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, аккумулятор элементлари ишлаб чиқариш қувватлари ҳам кенгайтирилади.

Tesla юзлаб янги ходимларни ишга олмоқчи

Компания янги лойиҳани амалга ошириш учун қурилиш ва ишлаб чиқаришни режалаштириш соҳаларида юзлаб мутахассисларни жалб этишга киришган.

Аввалроқ Tesla талабнинг пастлиги сабабли Германиядаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш режаларини кечиктирган эди.

Бранденбург федерал ери ҳукумати компаниянинг янги инвестиция режаларини ижобий баҳолади. Маҳаллий ҳокимият вакиллари йирик сармоялар минтақанинг иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Илон Маск роботакси ишлаб чиқаришга эътиборни кучайтирмоқда

Ноябрь ойи бошида Илон Маск Cybercab ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида Техасда пикаплар ишлаб чиқаришни қисқартириш режасини эълон қилган эди.

Шунингдек, октябрь ойида тадбиркор Tesla ва SpaceX компанияларини эҳтимолий бирлаштириш масаласини ўрганиш учун ишчи гуруҳлар тузилаётганини маълум қилган.

Киритилди: Бугун 03:20. Ўқилди: 156 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар