Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимов раислигида 2019 йил 21 сентябрь куни Тошкент давлат педагогика университетида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур университетда жорий этилган таълим, илмий ва маъмурий фаолият жараёнларини бошқаришни автоматлаштиришга қаратилган «E-univesitet» ахборот тизими ва «E-minbar» дастурий платформаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот давомида Тошкент давлат педагогика университетида таълим жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишларга асосий эътибор қаратилди.
Жумладан:
- университетнинг таълим, илмий ва маъмурий фаолияти жараёнларини бошқаришни автоматлаштиришга қаратилган “E-universitet”” ахборот тизимининг 15 та компонентдан иборат таркибий тузилмаси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда “E-universitet” ахборот тизимининг бошланғич 8 та компоненти дастурий платформа кўринишида таълим жараёнига жорий қилинди;
- талабалар ва профессор-ўқитувчиларни идентификация қилиш тизими (FingerPrint технологияси асосида) орқали кириш-чиқишини назорат қилиш электрон тизими Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида татбиқ этилган ахборот тизимлари (Е-минбар) тажрибасини ўрганиш асосида жорий этилди;
- Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида татбиқ этилган ахборот тизимларидан Е-минбар тажрибасини ўрганиш ҳамда университетда айни вақтга қадар жорий қилинаётган ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш натижасида Smart-аудитория фаолияти йўлга қўйилди.
Smart-аудитория ўзида FingerPrint, Smart-минбар, мультимедия проектори каби замонавий ахборот технологияларини жамлаган тизим.
FingerPrint технологияси талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг бармоқ изларини сканерлаш асосида давоматни автоматик тарзда аниқлайди ҳамда марказий серверда қайд этиб боради. Ушбу электрон қайдлар ёрдамида гуруҳ ва факультет кесимида жорий санада машғулотларда қатнашмаётган талабалар, семестр давомида кўп дарс қолдирган талабалар тўғрисидаги ҳисоботлар автоматик тарзда шаклланади.
E-минбар дарс материалларини мавзу баёнидан чалғимасдан тушунтиришда янги технология бўлиб, ўқитувчи учун керакли бўлган турли маълумот ва ускуналар билан жиҳозланган. Овоз кучайтириш мосламаси ўқитувчи ва намойиш қилинаётган мультимедия материаллари овозини ўқувчиларга яхши етиб боришини таъминлайди.
Дарсни бир вақтда вебинар кўринишида олиб боришга мўлжалланган конференц-алоқа платформаси дарсда қатнашмаётган талабаларга машғулотни онлайн тарзда кузатиш ва ўзлаштириш имконини беради.
Дарс вақтида кўп зарурат туғиладиган, масалан проектор экранини бошқариш, ёритиш чироқларини ўчириш ва ёқиш, хонадаги пардаларни тушириш ва кўтариш каби амалларни ўқитувчи ўз жойидан туриб touchscreen ёрдамида амалга оширади.
E-минбар дастурий платформаси профессор-ўқитувчига ўзининг виртуал кабинетидаги ишини ташкил қилиш, жорий сана учун дарс жадвали, тақвим-мавзули (календарь-тематик) режа, бугунги мавзу ва дарсга оид бошқа маълумотлар билан танишиш, машғулот давомида талабаларга мавзу доирасида янада кўпроқ маълумот беришда қулай восита ҳисобланади.
Универистетда Беларусь давлат педагогика университети билан қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган “Инновацион педагогика” факультетида маърузалар ўзаро тасдиқланган жадвал асосида онлайн (вебинар) шаклда ташкил қилинмоқда. Маърузаларга Беларусь давлат педагогика университетининг етук профессор-ўқитувчилари жалб қилинган. Онлайн вебинар машғулотлар conf.uzcloud.uz махсус платформасида олиб борилмоқда. Ушбу платформа видео, овоз ҳамда ўқитувчининг компьютеридаги тақдимотини бир вақтда трансляция қилиш, шунингдек вебинарни тўлиқ ёзиб олиш имконини беради.
Ўқув аудиторияларидаги тартиб-интизом ҳамда профессор-ўқитувчилар ўтаётган машғулотларни бевосита кузатиш ва таҳлил қилиш мақсадида 1-3 ўқув биноларидаги ўқув аудиторияларига жами 270 та овозли кузатув камералари ўрнатилган. Таълим сифатини назорат қилиш бўлими томонидан юқоридаги тизимдан фойдаланган ҳолда машғулотлардаги давомат, профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг дарсдаги фаоллиги тизимли равишда ўрганиб, таҳлил қилиб борилмоқда.
Йиғилиш якунида юқоридаги айтиб ўтилган ахборот тизимларининг республика олий таълим муассасаларида жорий этилиши бўйича кўрсатмалар берилди.