Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Tashkent city дирекцияси Мурод Назаровнинг фикрларига эътироз билдирди

Tashkent city дирекцияси Мурод Назаровнинг фикрларига эътироз билдирди

«Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси «Murad Buildings» компанияси асосчиси Мурод Назаровнинг ушбу ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш объектларини хужжатлари тасдиқланмагани ҳақидаги фикри юзасидан изоҳ берди.

Аввалроқ, Мурод Назаров Rost24.uz нашрининг «Nest one» нима учун ҳалигача тегишли қурилиш идоралари рухсатини олмагани тўғрисида берган саволига «Tashkent city» ҳудуди махсус ҳудуд бўлиб, у ерда қурилиш қилаётган биноларнинг биронтаси тегишли қуйи идораларнинг тасдиғидан ўтмаган, дея жавоб берганди.

«Фақат „Nest one“ эмас, балки битган Ҳилтон меҳмонхонасининг ҳужжатлари ҳозир ҳам тайёрланмоқда. Бу шунақа ҳудуд», — деган у.

«Tashkent city» дирекцияси кўра, «Tashkent city» халқаро ишбилармонлар маркази доирасида инвесторлар лойиҳаларни «fast-track» усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан «тайёр ҳолда топшириш» шартларида амалга оширишга рухсат берилган. Бу президентининг 2018 йил 2 августдаги «Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва 2018 йил 14 ноябрдаги «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида акс этган.

Шунингдек, мазкур объектларни лойиҳалаштиришда Европа иттифоқи, Туркия, Корея ва Хитой давлатларининг замонавий қурилиш нормаларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқилиб, маҳаллий қурилиш нормаларига босқичма-босқич мувофиқлаштирилган (адаптация) ҳолда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилаётгани маълум қилинди.

"Tаshkent city" халқаро ишбилармонлик марказида жойлашган „Hilton“ меҳмонхонаси ва Конгресс-холл маркази 2019 йил декабр ойида, „Gardens Residence“, „Boulevard“ турар жой мажмуалари тегишлича 2020−2021 йилларда ўрнатилган тартибда босқичма-босқич давлат қабул қилиш далолатномаси асосида фойдаланишга қабул қилинган», — дейилади изоҳда.

Бундан ташқари, «Tashkent city» ҳудудида амалга оширилаётган барча бунёдкорлик ишлари Қурилиш вазирлиги ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан ўрнатилган тартибда шаҳарсозлик нормаларига асосан олиб борилиши назоратга олингани қайд этилган.

«Шуни алоҳида эслатиб ўтамизки, „Murad Buildings“ компанияси асосчиси Мурод Назаровнинг қурилишга руҳсат берувчи хужжатлар юзасидан билдирган фикрлари хақиқий ҳолатга тўғри келмайди ва асоссиз ҳисобланади», — дейилади дирекция муносабатида.

9 июнь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам мазкур ҳолатга тўхталиб ўтган эди.

Унинг айтишича, махсус ҳудуд деган нарса ҳеч қандай қонунчиликда йўқ. «Агар бирор тадбиркор субъектив фикрини айтган бўлса, бу унинг ўз фикри. Махсус ҳудудлар «Иқтисодий ҳудудлар тўғрисида"ги қонун билан тартибга солинади. Масалан, саноат билан боғлиқ эркин иқтисодий зоналар. Бошқа кимнингдир шахсий фикри расмий аҳамиятга эга эмас», — деган вазир.

У «Tashkent city»даги ҳужжати мавжуд эмаслиги айтилаётгани ҳудудлар юзасидан изоҳ берар экан, ер қонун доирасида ажратилганини маълум қилган.

««Tashkent city»да ер ажратиш масалалари бўйича маъмурий кенгаш бор. Маъмурий кенгашнинг қарори асосида ҳар бир инвестицион лойиҳага ерлар ажратилган. Бу ерлар текин ажратилмаган. Бу нарса 3−4 йил аввал бошланганида қизиқиш катта бўлмаган, шундай бўлсада ҳар бир сотихга пул тўлаб ер ажратилган. Бу ҳолат кўп текширилган, ушбу масалага кўп бор қайтилган, ер ажратилиши тўғри бўлган», — дейди Давлетов.

Шунингдек, вазир қурилиш жараёнида ҳужжатлар параллель равишда тайёрланиши ҳолатига ҳам тўхталган.

«Шаҳарсозлик кодексига асосланганини кўрадиган бўлсангиз, у ерда ҳужжатлар тури жуда кўп. Ҳужжатларни бевосита шу куннинг ўзида тайёр бўлиши кераклари, қолаверса, қурилиш билан бирга параллел тайёрланадиганлари ҳам бор. Қандайдир қурилиш бўлаётган бўлса, унинг ҳужжатлари параллель равишда шаклланаётган бўлиши мумкин. Бу бизнинг бугунги кундаги қонун ҳужжатлар билан тартибга солинган», — деди у.

Русланбек Давлетов анжуман вақтида журналистнинг саволларига жавоб берар экан, ундан аниқ мисол келтиришни сўради. «Агар қайсидир қурилиш объектининг тайёр бўлиши керак бўлган ҳужжати ҳамон йўқ эканини аниқ айтсангиз, шунда унга қонуний баҳо бериш мумкин бўлади», — деди вазир.

Киритилди: 21:32 10.06.2021. Ўқилди: 2558 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!