Бугун 9 май, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Тарихий янгилик: Ўзбекистоннинг яна бир муҳим табиий мерос объекти UNESCO рўйхатига киритилди

Тарихий янгилик: Ўзбекистоннинг яна бир муҳим табиий мерос объекти UNESCO рўйхатига киритилди

Жорий йилнинг 10–25 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган UNESCO Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон учун яна бир тарихий муҳим воқеа содир бўлди. Ўзбекистон иштирокидаги «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» трансчегаравий табиат объекти UNESCO нинг Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди.

Маълумот учун, Трансноминация досъеси лойиҳасини ишлаб чиқиш 2020 йил бошида Марказий Осиё чўл ташаббуси (Central Asian Desert Initiative - CADI) лойиҳаси доирасида Экология вазирлиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Greifsvald университети (Германия), Майкл Сукков жамғармаси (Германия), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда бошланганди.

“Бу экотизим ўзининг ноёблигига қарамай, ҳалигача UNESCOнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилмаганди. Бундай номинациянинг уч давлат томонидан тайёрланиши минтақавий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди”, — деди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Aзиз Aбдуҳакимов.

Таъкидлаш жоизки, бу объектни UNESCO рўйхатига қўшиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПҚ-171-сонли "Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори 10-илова 17-бандида кўзда тутилган.

Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу номзодноманинг мамлакатимизга тегишли қисми Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тайёрланган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон томонидан UNESCO маслаҳатлашув органи ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик, шунингдек, Умумжаҳон мероси қўмитаси аъзолари (21 давлат) билан олиб борилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ва сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар натижасида ижобий қарор қабул қилинди.

«Мўтадил минтақадаги Турон чўллари» Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилган Ўзбекистоннинг қатнашган иккинчи объект ҳисобланади. 2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги «Ғарбий Тянь-Шань» объекти ушбу рўйхатдан ўрин олган.

Эътиборли жиҳати шундаки, янги объект UNESCO рўйхатидаги мўтадил чўллар тоифасига кирадиган биринчи объект ҳисобланади. Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платоси ҳудудларида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган бир-бирига чегарадош бешта таркибий қисм — Сайгачи, Сайгачи-Белеули, Сайгачи-Дуана, Сайгачи-Жидейли (барчаси Шимолий Устюрт кластерига киради) ҳамда Жанубий Устюртдан иборат.

«Мўтадил минтақадаги Турон чўллари»нинг UNESCO рўйхатига киритилиши ҳудуднинг 1972 йилги Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси муҳофазасида бўлишини тақозо этади. Бундан ташқари, объектларни самарали бошқариш, улардаги флора ва фаунани сақлаш ва илгари суриш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш, татбиқ қилиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очади.

Киритилди: 15:34 20.09.2023. Ўқилди: 2129 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!