Бугун 24 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

Тарихдаги илк кимошди савдосини ўтказган зот...

A A A
Тарихдаги илк кимошди савдосини ўтказган зот...

Кимошди савдоси (аукцион) бугунги кунда кўп давлатларда, хусусан, Европа ва Америкада жуда ҳам оммалашган савдо турларидан бири ҳисобланади. Унда бирор-бир товар, кўчмас мулк, қимматбаҳо қоғозлар, санъат асарлари, ташкилот мулки ва ҳоказолар оммавий сотувга қўйилади ва харидорлар ўртасида мазкур молни сотиб олиш учун ўзига хос тарзда мусобақа ташкил этилади ва ким кўпроқ пул тўласа, савдода ўша ютиб чиқади. 

Ушбу мухтасар қораламадан мақсад кимошди савдоси ҳақида мукаммал маълумот бериш эмас, балки, тарихдаги илк кимошди савдосини амалга оширган киши ҳақида сўз юритишдир. 

Албатта, бугунги кунда кимошди савдоси бениҳоя тараққий этиб, шаклланиб, маълум қонун-қоидалар ва кўринишлар касб этган. Мисол учун, биржа аукциони, векселлар аукциони, валюта аукциони, депозит аукциони, мажбурий аукцион, кўнгилли аукцион, очиқ аукцион, ёпиқ аукцион, инглизча аукцион, голландча аукцион ва ҳоказолар каби бир сурув кўринишлари ва турлари мавжуд бўлиб, уларда жорий бўлган қоидаларнинг барчаси ҳам шариат қоидаларига тўғри келмаслиги мумкин.  

Аммо, шуниси маълумки, аукцион савдосининг асл моҳияти савдога қўйилган товарга ким кўпроқ пул беришига асосланади. Зотан, "auction" сўзи "кўпайтираман, ошираман" маъноларини англатувчи лотинча " augeō" сўзидан олинган. Аукцион савдосининг ғарбдаги яна бир номи "public sale", яъни "жамоавий савдо"дир.  

Бугунги кунда Ғарб дунёсида кимошди савдосининг тарихи борасида қатъий бир фикр мавжуд эмас. Баъзилар, уни тахминан уч юз йил олдин пайдо бўлган деган фикрни илгари сурсалар, бошқалар кимошди савдоси милоддан аввалги беш юзинчи йилларда ҳам Бобилда мавжуд бўлган деган тахминларни билдирадилар. Лекин, буларнинг кўпи тахмин ва ишончли бўлмаган маълумотлар ҳисобланади. Боз устига, Эрамиздан аввал юз берган мазкур аукционларни том маънодаги кимошди савдоси эмас балки, одам савдоси кўринишида бўлганлиги айтилади. Яъни, бундай аукционларда сотувга қўйилган мулк бу одатда бўлажак қайлиқ (яъни хотин) ёки қул ва чўрилар бўлган.

Лекин ишончли ҳадис тўпламларида ҳасан-саҳиҳ санадлар билан ривоят қилинган ҳадиси шарифлар мазмуни шуни кўрсатадики, тарихи маълум бўлган илк кимошди савдосини амалга оширган зот, бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Таъбир жоиз бўлса, ислом тарихидаги (эҳтимол, инсоният тарихида ҳам) энг биринчи аукционист бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар.

Қуйида мазкур қиссани мазмуни бўйича келтирамиз: Бир куни ансорийлардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига ёрдам сўраб келди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам "уйингда бирор нарсанг борми?", дедилар. - Ҳа, устида ўтирадиганимиз битта шолча билан таомланиш, сув ичиш ва ювинишда фойдаланадиган битта идишимиз бор. Бошқа ҳеч насра йўқ, деди. - Яхши, уларни менга олиб кел, дедилар Пайғамбаримиз. Ансорий (баъзи ривоятларда бу инсон аъробийлардан бўлганлиги айтилади) уларни келтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўлларида тутар эканлар, "бу нарсаларни ким сотиб олади?", дея асҳобларига юзландилар. Бир киши ўрнидан туриб "мен уларни бир дирҳамга сотиб оламан", деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "ким бир дирҳамга яна қўшади?", дедилар. Шунда бошқа бир киши ўрнидан  турди ва "мен икки дирҳам бераман", деди. Пайғамбаримиз ансорий келтирган бояги тўшак билан идишни унга сотдилар ва унинг пулларини эгасига топширар эканлар: "бу пулларнинг бирига яъни бир дирҳамига оилангга егулик олиб бор, рўзғор нарсаларини олиб бер. Қолган бир дирҳамига эса болта (ёки теша) сотиб олиб, менга олиб кел", дедилар. Ансорий шундай қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорий киши келтирган болтага ўз қўллари билан соп қўйиб бердилар ва "бор, саҳролардан ўтин териб келиб, бозорда соат. Ўн беш кун сени кўрмай!", дедилар. Ансорий кетди ва белгиланган муддат тугагач Пайғамбаримиз ҳузурларига қайтиб келганда анча ўзини тутиб олган, рўзғорини бутлаган ва турли хил кийим-кечаклар сотиб олган ҳолда эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бу ҳолда кўргач "одамлардан ёрдам сўраб юришингдан шу яхши эмасми?!", дедилар - "ваҳоланки, улар (сўраганингда ҳам) ё берадилар ё бермайдилар?!". 

Юқоридаги воқеани тўрт сунан соҳиблари яъни, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можалар ҳамда имом Аҳмад ва Абу Яъло ўз китобларида ривоят қилганлар. Ҳадис ривоят йўлларининг кўплиги туфайли ҳасан даражасига чиққан. Баъзилар уни саҳиҳ санаганлар. 

Уламолар жумҳурига кўра, ушбу ҳадиси шариф мазмунига биноан шаръий қоидаларга хилоф келмаган ҳолда ўтказилувчи аукцион жоиз ва дуруст ҳисобланади. Араб тилида бундай савдо тури "байъул мазод" ёки "байъул музояда" деб аталади. 

Мазкур ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафақат исломият тарихидаги илк кимошди савдосини ўтказганликлари, балки, ўз умматларига ғоят меҳрибонликлари, уларни ҳар соҳада энг тўғри йўлга далолат қилиб қўйишлари, ҳузурларига ёрдам сўраб келган кишининг имконият доирасидан келиб чиқиб, таъбир жоиз бўлса, энг мувофиқ бир бизнес режа тузиб берганликлари ҳам ўз ифодасини топган. 

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунчаки, ваҳийни етказиб қўйиш билан кифояланмаганлар балки, ҳар соҳада пешво бўлганлар, уммат ғамини Ўз елкаларида ташиганлар. У киши подшоҳ бўлмаганлар аммо, энг адолатли ва энг намунали бир подшоҳ ўз раийяти учун қилиши мумкин бўлган ишдан афзалроқ ишларни амалга оширганлар. У киши бизнес консультант бўлмаганлар аммо, тирикчилик соҳасида нотўғри йўлда юрган, қийналиб қолган одам ёрдам сўраб келганда уни тўғри йўлга солиб, ўзига мос бир бизнес режа тузиб бериб, қийинчиликдан чиқиб кетишига сабаб бўлганлар. Умуман У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ўз умматлари учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда васфлаганидек "мўъминларга рауф ва раҳим" (Тавба сураси: 128-оят)  эдилар. 

Алишер Султонхўжаев

Manba: azon.uz

Киритилди: 07:20 25.12.2019. Ўқилди: 9545 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!