Россия атом флоти тарихида илк бор аёл атом музёрар кемаси капитани бўлди. “РБК” хабарига кўра, Марина Старовойтова дунёдаги энг йирик кемалардан бири — “Ямал” атом музёрар кemasини бошқаради. Ушбу кема иккита ядровий реактор билан жиҳозланган бўлиб, қуввати 75 минг от кучига тенг.
“Ямал” кемаси 1992 йилда Санкт-Петербургдаги Балтика заводида қурилган бўлиб, Арктика лойиҳасига мансуб. 23 минг тоннaлик сув сиқиб чиқариш қувватига эга кема 147 метр узунликка ва 30 метрга яқин кенгликка эга. Махсус 48 миллиметрли пўлат қопламаси туфайли у энг қаттиқ музларни ҳам ёриб ўта олади. Кема Шимолий денгиз йўли бўйлаб навигацияни таъминлаш ва Арктика шароитида ишлаш учун мўлжалланган.
Старовойтова 2005 йилда флотга ишга кириб, дастлаб атом контейнер ташувчи “Севморпуть” кemasида фаолият бошлаган. У аввал рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлаган бўлса-да, сўнгра денгизчилик соҳасига ўтиб, амалий иш билан бир қаторда ўқишни давом эттирган. 2014 йилда судоводител дипломини қўлга киритган.
Марина Старовойтова бутун мартаба йўлини босиб ўтиб, матросликдан савдо флотига катта ёрдамчи капитанга қадар кўтарилган. Эндиликда у атом музёрар кемасига раҳбарлик қилаётган илк аёл сифатида тарихга кирди.