Танзаниянинг шарқий қисмидаги Морогоро минтақасида йўловчи автобуси ва ёғоч ташувчи юк машинаси тўқнашиб, камида 28 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса 8 октябрь куни содир бўлган, деб хабар берди маҳаллий ёнғин-қутқарув хизмати.
Маълум қилинишича, ҳалокат Морогоро — Дор-эс-Салом магистрал йўлининг Мкамбарани қишлоғидан ўтувчи қисмида юз берган. Дор-эс-Саломдан Мбея шаҳрига қараб ҳаракатланаётган автобус юк машинаси билан тўқнашганидан сўнг ёнғин чиқиб, транспорт воситаси бутунлай ёниб кетган.
Морогоро ёнғин-қутқарув хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Жозеф Мвасабеджанинг маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, юк машинаси ҳайдовчиси қоидага риоя қилмасдан қувиб ўтишга уринган ва натижада тўқнашув содир бўлган. Ҳайдовчининг шахси ҳозирча аниқланмаган.