«Путиннинг уруш олиб боришига фақат нефть қазиб олиш, уни қувурлар орқали узатиш, ташиш ва сотишдан пул олишгача бўлган бутун логистика занжирини вайрон қилишгина тўсқинлик қилиши мумкин. Газ ҳам бундан мустасно эмас, гарчи ҳозир унинг нархи унчалик юқори бўлмаса-да», — деди Чичваркин.
Унинг фикрича, Украина Қуролли кучларининг Россиядаги нефтьни қайта ишлаш заводлари, онлайн савдо платформалари ва маълумотлар марказларига берган зарбалари Россиянинг Украинадаги урушни молиялаштиришига тўсқинлик қилмаяпти.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, Европа давлатлари ҳам Россияга қарши санкциялар сиёсатини юритишда хатоларга йўл қўймоқда.
«Аввалига паспортга қараб санкциялар жорий этишди, кейин эса уларни айримларга нисбатан бекор қилишди. Яъни ҳар икки ҳолатда ҳам бу тизимнинг тартибсиз ва қонунга зид эканини кўрсатишди. Бу санкцияларни жорий этишда ҳам, бекор қилишда ҳам мантиқ йўқ эди», — деди у.
Шу билан бирга, Чичваркиннинг фикрича, Россиянинг энг иқтидорли тадбиркорлари Европа мамлакатларида фаолият юритиши мумкин.
«Эртага иш визалари берилиши ва маблағлар қабул қилиниши ҳақида эълон қилинса, ўша заҳотиёқ Европага 300–400 минг киши келади. Уларнинг энг ёш, иқтидорли ва кучлилари. Улар Амирликларда яшашни истамайди, балки кекса Европа деб аталадиган қитъада яшашни хоҳлайди», — деди тадбиркор.