Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда азал азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозлаб келинган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ташна бўлиш кўникамаси, аввало шу даргоҳда шакллана бошлайди ва шахснинг ўз ҳаёт йўлини топишда, белгилашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови ҳисобланади. Шу сабабли оиладаги муҳит, ота-она, ака-ука ва эр-хотин муносабатлари алоҳида аҳамият касб этади. Оила - тарбия тенгсиз мактаби ҳисобланади. Унда келажак туғилади, улғаяди, умр кўради. Бу мураккаб жараёнда ҳар бир оила аъзосининг ўзига хос ўрни бор ва маълум қоидаларга, анъаналарга амал қилинади. Бу кўп қиррали, катта меҳнат, жиддий ёндошувни талаб қиладиган жараён. Албатта тинч, осуда, фаровон ҳаёт ўз-ўзидан келмайди. Унинг барқарорлигини таъминлаш осонликча ечимини топмайди. Шу боисдан ҳам оилага давлатимизнинг ички сиёсатидаги муҳим бўғин тариқасида қаралади. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида асосий ўринга эга.
Сир эмаски, бугунги кунда низоли оилалар сони ортиб бормоқда. Бу жамиятимиздаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб, бу каби оилалар билан алоҳида иш боришни талаб этади. Бу борада ҳудудлар кесимида нотинч оилаларнинг ҳар биридаги низоларнинг сабабларини ўрганиш, ушбу оилалардаги муҳитни соғломлаштириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, охирги пайтларда оилавий келишмовчиликлар жиноят содир этилиши каби салбий оқибатларга олиб келаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан оиладаги ўзаро келишмовчилик қариндошлар ўртасидаги жанжал ва бир-бирига тан жароҳати етказишларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-боби соғлиққа қарши жиноятлар деб номланган. Мазкур бобда қасддан баданга шикаст етказиш жиноятлари ва улар учун жавобгарлик белгиланган.
Қасддан баданга турли даражада шикаст етказиш билан боғлиқ ишлар бўйича бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи жиноят қонуни нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2007 йил 27 июнь куни
“Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли Қарори қабул қилинган. Мазкур Пленум Қарорида баданга етказилган шикастнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда, тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 1992 йил 21 октябрдаги буйруғи билан тасдиқланган, баданга етказилган шикаст оғирлигини суд-тиббий йўсинда белгилаш қоидаларига мувофиқ ўтказилиши ҳақида тушунтириш бериб ўтилган. Шу сабабли, баданга шикаст етказилган ҳар бир ҳолда ЖПК 173-моддаси биринчи қисмининг 1-банди талабига кўра суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиши ва ўтказилиши шарт бўлиб, унинг хулосаси суд томонидан қайд этилган Қоидалар ва ишнинг бошқа материаллари асосида баҳоланиши лозим. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг
187-моддасида белгиланган.
Суриштирув, дастлабки тергов органи ва судлар томонидан баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмишни тўғри квалификация қилиш учун айб шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек ишнинг тўғри ҳал этилиши ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар батафсил аниқланиши лозим.
Жиноят кодекси 104-110-моддалари бўйича жавобгарлик айбдорда мазкур моддалар диспозициясида кўрсатилган шикастни бошқа бир одамга ҳуқуққа хилоф равишда етказишга нисбатан қасд (тўғри ёки эгри) мавжуд бўлгандагина келиб чиқади.
Агар айбдор ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлигининг ижтимоий хавфли эканлигини англаса, жабрланувчи баданига муайян даражада шикаст етказиши мумкинлигига кўзи етса ва шуни хоҳласа ёинки хоҳламасада, бунга онгли равишда йўл қўйса ёки ўз қилмишидан келиб чиқадиган оқибатларга бефарқ қараса, барча қилмиш аслида келиб чиққан оқибатлар бўйича квалификация қилинади.
Баданга ҳар қандай оғирлик даражасида қасддан етказилган шикаст учун жавобгарлик айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан, ЖК 104-110-модаларида кўрсатилган оқибатлар ўртасида сабабий боғланиш мавжуд бўлишини тақозо этади. Агар мазкур оқибатлар, гарчи улар айбдорнинг ҳуқуққа хилоф ҳаракатлари билан боғлиқ бўлсада, бироқ организмнинг индивидуал хусусиятлари ёки кўрсатилган тиббий ёрдам тегишлича бўлмаганлиги, жабрланувчининг унга етказилган зиён оғирлашишига сабаб бўлган ўз ҳаракатлари, айбдорнинг қасди билан қамраб олинмаган бошқа ҳолатлар туфайли келиб чиққан бўлса, қилмишни Жиноят кодексининг кўрсатилган моддалари билан квалификация қилиш учун асослар бўлмайди.
Мазкур соҳадаги жиноятлар содир этилишини олдини олиш борасида аввало оилада тўғри тарбияни шакллантириш, сўнг кенг қамровда тарғибот ишларини олиб бориш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш лозим бўлади.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Н. Шаропов