Мамлакат Олий суди мухолифатдаги "Халқ партияси" ва тарқатиб юборилган "Олдинга ҳаракат" партиясининг 44 нафар собиқ ва амалдаги депутатлари устидан суд жараёни бошланишини эълон қилди. Улар монархияни танқид қилишдан ҳимоя қилувчи қатъий қонунни ислоҳ қилишга уринганликда ва ахлоқий меъёрларни бузганликда айбланмоқда. Агар айблари исботланса, сиёсатчиларга давлат лавозимларини эгаллаш умрбод тақиқланиши мумкин.
Мухолифат етакчилари, жумладан, Пита Лимжароенрат ва Наттхапхонг Руенгпаньявут ўз ҳуқуқларини судда охиригача ҳимоя қилишларини билдиришди. Бунгача Таиланд судлари худди шундай уринишлар сабаб иккита мухолиф партияни тарқатиб юборган эди. Мамлакатдаги консерватив элита ва армия томонидан қўллаб-қувватланадиган суд тизими ёшлар орасида машҳур бўлган ушбу либерал ҳаракатга нисбатан босимни давом эттирмоқда.