Украина фронтда Россия армияси учун технологик «сюрприз» тайёрламоқда, муваффақиятли музокаралар эса фақатгина Украина Қуролли Кучларининг кучли позицияси шароитидагина мумкин бўлади. Бу ҳақда Киев хавфсизлик форуми вақтида Украина Президенти Офиси раҳбари Кирилл Буданов маълум қилди.
Будановнинг сўзларига кўра, бугунги кунда уруш шундай босқичга ўтдики, унда дронлар сонини шунчаки ошириш сезиларли натижа бермаяпти. Ҳар икки томон мавжуд дронларни бошқариш технологияларидан фойдаланишда ўз чегарасига етиб келган.
Зеленский Офиси раҳбарининг қўшимча қилишича, Украина учун навбатдаги қадам — сунъий интеллектнинг тўлиқ интеграцияси бўлади, бу эса автоном жанговар тизимларни яратиш имконини беради.
«Бизга нишонларни мустақил равишда аниқлай оладиган ва маневр қиладиган автоном тизимларга ўтиш керак. Украинада бу борада ишланмалар мавжуд ва ишончим комилки, тез орада улар душман учун кутилмаган совға бўлади», — дея таъкидлади у.
Буданов Украина миллий манфаатларга мос келмайдиган ҳудудий ён беришлар ёки келишувларга бормаслигига ишонтирди.
Бундан ташқари, у Украинанинг «нефт санкциялари» (Украина армиясининг Россия нефть объектларига берган зарбалари назарда тутилмоқда) муваффақиятли ишлаётганини қайд этди. Унинг фикрича, бу нафақат Россия ресурсларини тугатади, балки унинг дунёдаги ишончли энергия етказиб берувчиси сифатидаги имижини буткул йўққа чиқаради.