-
Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Ким пок ҳолида ухласа, унинг ҳақига бир фаришта: Аллоҳим, бу бандангни мағфират қил. Чунки у пок ҳолида ухлади , дейди (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
-
Таҳоратда ётган банданинг дуоси мақбул бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қайси бир мўмин банда Аллоҳни зикр қилиб, пок ҳолида ухласа ва кечаси туриб, Аллоҳдан дунёю охират яхшилигини сўраса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини, албатта беради , дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
-
Қиёмат кунида ҳам таҳоратли ҳолида тирилади. Уламолар: Уйқуга ётишдан олдин олинган таҳоратни ўлимга тайёргарликнинг дастлабки қадами дейдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Таҳорат олиб ётган ҳолида вафот этган кишининг руҳи таҳоратли ҳолда қайта тирилади (Фатҳул Борий, Умдатул Қорий)
-
Таҳоратда ётиш ёмон тушлар кўришдан сақлайди. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: Ким таҳорат олиб ўрнига ётса, яхши туш кўради (Фатҳул Борий).
Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейди: Таҳорат олган ҳолда ухлашга ётиш, ёмон туш кўришдан сақлайди (Тақрир Буҳорий).
-
Таҳоратда ётиш тунни ибодат билан ўтказганнинг савобига ноил этади. Ал-Ижлий айтади: Ким таҳорат олган ҳолида Аллоҳ таолони зикр қилиб ўрнига ётса, то уйғонгунига қадар Аллоҳ таолонинг ибодатида қоим бўлганлар савобига мушарраф бўлади (Фатҳул Борий).
-
Таҳоратда ётган банданинг руҳи Аллоҳ таолонинг Арши олдида сажда қилади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: Қачон мўмин банда ухласа, унинг руҳи Аршга кўтарилади. Агар банда таҳоратли ҳолида ётган бўлса, унинг руҳига Аршда Аллоҳ таолога сажда қилишига ижозат берилади (Ибн Муборак Китабуз-Зуҳд, Фатҳул Борий).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўнта (савоб) яхшилик ёзади , деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олса-ю, таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра: Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу , деб айтса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у хоҳлаганидан киради , дедилар (Имом Муслим ривояти).
Manba: muslim.uz