Сурхондарё вилоятида судларнинг тегишли ажримига асосан тижорат банклардан олган кредит маблағларини ўз вақтида тўлай олмаган тадбиркорларнинг мол-мулклари хатловга олиниб, қарзни сўндиришга йўналтирилмоқда.
Термиз шаҳридаги “Сурхон Универсал” масъулияти чекланган жамияти ҳам тижорат банкидан олинган кредит маблағини ихтиёрий тўлашдан бош тортган. Шу сабабли Термиз туманлараро иқтисодий судининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрими чиқарилган. Ажримда 756,5 миллион сўм кредит қарздорлиги учун масъулияти чекланган жамиятнинг иккита “BYD Song Champion” русумли автомашинасини хатловга олиш белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси олиб борган тезкор қидирув чоғида гаров мулки ҳисобланган иккита “BYD Song Champion” русумли автомашина зудлик билан топилиб, МИБнинг Термиз шаҳар бўлимига вақтинча сақлаш учун олиб келинган. Агар тадбиркор белгиланган муддатда тижорат банкидан олинган кредит маблағини қайтармаса иккита “BYD Song Champion” автомашинаси суднинг ижро ҳужжатига асосан аукцион савдоларига чиқарилади.