Сурхондарёлик ғаллакорлар бу йил ҳам Ўзбекистонда биринчи бўлиб, товар дон топшириш режасини ортиғи билан бажарди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, воҳалик ғаллакорлар 2024 йил ҳосили учун 89,3 минг гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос, эртапишар ғалла навларини парваришлаб, бугун, 16 июнь ҳолатига дон корхоналарига 210 минг 246 тонна сара товар дон сотиб, шартномавий режани 101,0 фоизга бажарган.
Жумладан, Шерободдаги “Шоймон бобо” фермер хўжалиги 107,2 центнер, Қумқўрғондаги “Элобод зиёси” фермер хўжалиги 106 центнер, Ангордаги “Умид шох Ангор” фермер хўжалиги 101,2 центнер, Музработдаги “Амирқул бобо КАА” фермер хўжалиги 100,3 центнер, Жарқўрғондаги “Панжи Умид Бунёд” фермер хўжалиги 100,2 центнер, Термиз туманидаги “Қорахон Янгиариқ” фермер хўжалиги 101 центнердан ҳосил олиб, воҳамиз хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган.
Жорий йилда воҳа ғаллакорлари гектарлар ҳосилдорлигини ўртача 94 центнерга етказиб, мавжуд майдонлардан 840 минг тонна сара дон ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда, — дейилади хабарда.
Аввалроқ пахтадаги каби ғаллада ҳам имтиёзли кредитни тўғридан тўғри фермерга бериш тизими жорий қилиниши айтилган эди. Бундан ташқари, давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати 2024 йилда ҳам тўлиқ бюджетдан қопланади.