Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг «Оби ҳаёт парк» мажмуаси қурилиши бошланди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, лойиҳа «Сурхон» дарёсининг Термиз туманидан ўтувчи қисмида, 20 гектар майдонда амалга оширилади.
Ташаббус доирасида 42 та турар ва нотурар объектлар, жумладан, кўп қаватли уй-жойлар (1-2-қавати савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, 3-5-қаватлари турар жойлар), 250 ўринли иккита меҳмонхона, ресторан ва кафе, фитнес клублар, кўнгилочар масканлар ҳамда 24 соат фаолият юритувчи туризм кўчалари барпо этилади.
Дарёнинг табиий оқимини сақлаган ҳолда барча хавфсизлик талаблари таъминланади, қирғоқлар мустаҳкамланади ва кўприклар ҳамда турли бизнес ва кўнгилочар объектлар қурилади.
Лойиҳа нафақат ҳудуд инфратузилмаси ва шаҳарсозлик кўринишини яхшилайди, балки кўплаб иш ўринлари яратиб, аҳоли фаровонлиги ва иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшади.
Тамал тоши қўйиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, фаоллар, мутасадди идоралар вакиллари ҳамда жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда мазкур лойиҳанинг ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги аҳамияти ва аҳоли турмуш даражасини оширишдаги ўрни алоҳида таъкидланди.