Бугун 31 октябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

"Сурхон" хусусий клубга айланди

"Сурхон" хусусий клубга айланди

2023 йилнинг 6 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Сурхон футбол клубини янги инвесторларга бериш юзасидан қарор қабул қилди ва мазкур қарор асосида "Сурхон" хусусий клубга айланди.

Аммо бу жараён осон кечмади. Сабаби Сурхон клубининг қатор хўжалик юритувчи субектлар ҳамда ишчи-ходимлар билан боғлиқ катта миқдорда қарздорлиги мавжуд эди. Жумладан, 49 нафар футболчи, мураббий ва бошқа ишчилар олдидаги молиявий мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаганди. Оқибатда иш Сурхондарё вилояти прокуратурасига қадар етиб борди ҳамда клубнинг собиқ раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Лига, Ассоциация ҳамда Ўзбекистон футболчилари уюшмаси ҳамкорликда ўтган вақт давомида футболчи ва мураббийлар манфаатларини ҳимоя қилиб келди. Бунда Сурхон клубига нисбатан қатор тақиқ ва чекловлар жорий этилди. Натижада бугунги кунга қадар футбол клубининг текширув хулосасида аниқланган қарздорлиги бўйича 43 нафар футболчи, мураббий ва ишчилар олдидаги молиявий мажбуриятлар бажарилди. ЎФА Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмита қароридан келиб чиқиб, мазкур масала 16-июл санасига қадар ҳал этилди.

Бироқ яна 6 нафар футболчи билан боғлиқ масала очиқ қолди. Шундан келиб чиқиб, 19-июл куни Лига Сурхон клуби раҳбарияти, даъвогар футболчилар, клубнинг собиқ раҳбарияти манфаатларини ҳимоя қилувчи вакиллари, футболчилар уюшмаси аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда мазкур масала атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукмига асосан айбдор деб топилган Сурхон клубининг собиқ раҳбарияти 43 нафар собиқ ходимлар билан ҳисоб-китоб ишларини амалга оширгани маълум бўлди. Лига, Ассоциация ҳамда Уюшма Сурхон футбол клуби билан боғлиқ ишни олиб боришда ФИФА низомлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари нормаларига асосланди. Қолган 6 нафар футболчи футбол клубида олиб борилган текширув хулосасидан норози эканлигини билдирди. Эндиликда уларнинг мазкур талаби асосида қарздорлик миқдорига қайта аниқлик киритиш зарурати вужудга келмоқда.

Сурхон клубининг янги раҳбарияти ўтган давр давомида Лига томонидан қўйилган барча талабни ўз вақтида ва аниқ амалга ошириб келди. Шунга қарамай, Лига собиқ футболчи ва мураббийлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, клубга нисбатан қатор санкциялар қўллади. Юқоридаги ҳолатга аниқлик киритилгунига қадар айни вақтда Лиганинг Сурхон футбол клубига нисбатан эътирози мавжуд эмас. Йиғилишда мазкур масала Уюшма вакиллари ҳамда футболчиларга расман маълум қилинди. Эндиликда Лига ЎФА Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмитасининг 2024-йил 2-июлдаги қарори устидан Сурхон футбол клуби томонидан ёзилган апелляция шикоятининг кўриб чиқилишида ўз муносабати билан иштирок этади.

Киритилди: 23:38 23.07.2024. Ўқилди: 1876 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!