Хабар берилишича, жанговар ҳаракатлар асосан друзлар яшовчи Сахна шаҳрида содир бўлмоқда. Сурия Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳукумат кучлари шаҳарга кириш йўлларида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари дронлари томонидан бир неча бор ҳужумга учраган. Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Дамашқ атрофида зарбалар берганини тасдиқлади.
ЦАХАЛга кўра, зарбалар друзларга қарши ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўраётган гуруҳларга қаратилган эди.
Шунингдек, Ас-Сувайда шаҳрининг ғарбий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида друзлар билан қаттиқ тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабар берилган. Шарқий Гутадаги бир нечта масжидларда баланд овозли карнайлар орқали друзларга қарши умумий сафарбарликка чақириқлар янграётгани айтилмоқда.
Друзлар жамоаси диний етакчиси Дамашқдаги ҳукуматга нисбатан ишонч йўқолганини билдириб, ҳудудга халқаро кучларни киритишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурияда янги ҳукумат қўшинлари исён кўтарган алавийларга қарши ҳарбий операция уюштирган эди.