Сурия молия вазирлиги фавқулодда чоралар сифатида вазирликларни маъмурий қайта қуриш тугагандан сўнг, яъни кейинги ойдан давлат сектори ходимларининг иш ҳақини 400 фоизга оширишга қарор қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Иш ҳақининг ошиши мавжуд давлат ресурслари, шунингдек, минтақавий ёрдам, инвестициялар ва Суриянинг хориждаги активларини муздан тушириш ҳаракатлари ҳисобидан молиялаштирилади. Расмийлар бунга тахминан 127 миллион доллар сарфлашни режалаштирмоқда.
“Бу мамлакатдаги иқтисодий вазиятни ҳал қилиш йўлидаги биринчи қадамдир”, – деди Суриянинг янги ҳукумати молия вазири Муҳаммад Абазид.
Декабрь ойи охирида The Wall Street Journal (WSJ) Суриянинг янги ҳукумати урушдан вайрон бўлган иқтисодиётни тиклашга ҳаракат қилаётганини, аммо санкциялар ва нефть конлари устидан назоратни йўқотиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганини ёзган.
WSJ нашрида таъкидланишича, мамлакатда ҳокимиятга келган “Ҳаят Таҳрир аш-Шам” гуруҳи Сурияда эркин бозор қуришни, нефть саноатини жонлантиришни ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.