Ўрта ер денгизи соҳилидаги Тартус шаҳри (Дамашқдан 220 км узоқликда) ва унинг атрофида собиқ тузум тарафдорларини таъқиб қилаётган Сурия ўтиш даври ҳукумати хавфсизлик кучлари пистирмага учради, 14 жангари ҳалок бўлди.
Бу ҳақда SANA агентлигига мамлакат ички ишлар вазири Муҳаммад Абдел Раҳмон маълум қилган.
"Тартус яқинидаги ҳудудлардан бирида тартибни сақлаш бўйича операция ўтказилаётганда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қуролли элементлар томонидан пистирмага учраган”, - деди у.
У ҳокимият барқарорлик ва фуқаролар тинчлигини сақлаш учун бор кучини аямаслигини таъкидлади.
Аввалроқ Тартусда собиқ тузумнинг юқори мартабали зобитини қўлга олиш чоғида тўққиз нафар хавфсизлик кучлари ҳалок бўлган эди. Ушбу порт шаҳрида, шунингдек, Латакия, Жебла ва Хомсда чоршанба куни алавийлар - Суриядаги диний озчилик вакилларининг норозилик намойишлари бўлиб ўтди ва улар полицияга ҳужумлар билан бирга бўлди.