Терроризмни молиялаштириш жиноятини содир этган бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи, 1987 ва 1998 йиллар оралиғида туғилган 8 нафар фуқаро Сурия давлатидаги «Ғуроба катибаси» террористик ташкилоти медиа-блогери, Қирғиз Республикаси фуқароси, 1996 йилда туғилган Абдулмуҳсин Усмоновнинг ғоявий-психологик таъсирлари оқибатида унга тегишли ҳисоб-рақамларга пул ўтказиб берган.
«Саад Мухтор» тахаллусли мазкур шахс Telegram мессенжери орқали Фаластинда жабр кўрган мусулмонларга эҳсон қилиш ниқоби остида пул йиғиш билан шуғулланган. Тўпланган маблағлар эса Суриядаги террорчилар учун сарфланган.
ДХХ хабарига кўра, суд ҳукми билан қонунбузарларнинг 7 нафарига 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 1 нафарига 4 йил 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Жиноят кодексининг 155-3-моддасига кўра, терроризмни молиялаштириш – 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.