Бугун 4 май, 2026 йил, душанба

O'ZB

Суперлига. Икки қизил карточка кўрсатилган ўйинда «Қўқон-1912» «Бунёдкор»ни таслим этди, «Пахтакор» Термизда сўнгги дақиқада гол уриб, мағлубиятдан қутулиб қолди

Суперлига. Икки қизил карточка кўрсатилган ўйинда «Қўқон-1912» «Бунёдкор»ни таслим этди, «Пахтакор» Термизда сўнгги дақиқада гол уриб, мағлубиятдан қутулиб қолди

Ўзбекистон Суперлигасининг 11-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» — «Бунёдкор» ва «Сурхон» — «Пахтакор» учрашувлари якунланди.

«Қўқон-1912» — «Бунёдкор»
Қўқон шаҳридаги «Марказий» стадионида «Қўқон-1912» Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоасини қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалабага эришди.

Учрашув кескин кураш ва хавфли вазиятларга бой бўлди. 21-дақиқада майдон эгалари сафидаги ҳимоячи Жасур Ёқубов тўпни қўли билан ўйнагани ва бу орқали рақиб жамоа ҳужумчисининг бирга-бир вазиятга чиқиб боришига ҳалақит бергани учун майдондан четлатилди. Шунга қарамасдан 35-дақиқада «Қўқон-1912» футболчиси Муҳаммаданас Ҳасанов чап қанотдан жарима майдонига ёриб кирди ва чиройли гол муаллифига айланди.

Иккинчи бўлимда «Бунёдкор» вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилди. Биринчи бўлим охирида сариқ карточка олган Носиржон Абдусаломовга 49-дақиқада рақибига ишлатган қўполлиги учун қизил карточка кўрсатилди. Учрашув якунига қадар дарвозалар бошқа ишғол этилмади.

Ушбу натижадан сўнг «Қўқон-1912» 11 очко билан турнир жадвалининг 14-поғонасига кўтарилди. «Бунёдкор» эса 19 очко билан 5-ўринда бормоқда.

Ўзбекистон Суперлигаси, 11-тур
«Қўқон-1912» — «Бунёдкор» 1:0
Гол: 1:0 — Муҳаммаданас Ҳасанов (36)
Четлатиш: Жасурбек Ёқубов («Қўқон-1912», 21-дақиқа), Носиржон Абдусаломов («Бунёдкор», 49-дақиқа)

«Сурхон» — «Пахтакор»
Термиз шаҳридаги «Сурхон» аренада «Сурхон» клуби Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасини қабул қилди ва 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Учрашувда «Пахтакор» катта устунликка эга бўлди, бироқ ҳисоб 42-дақиқада Суннатилло Абдуллажонов томонидан очилди.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар вазиятни бартараф этиш учун ҳужумлар сонини оширди. 90+1-дақиқада Шаҳзод Азмиддинов гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Ушбу натижадан сўнг «Сурхон» 12 очко билан турнир жадвалининг 12-поғонасида бормоқда. «Пахтакор» эса 26 очко билан 2-ўринда қолди. «Шерлар» «Нефтчи»нинг очко йўқотишидан унумли фойдалана олмади.

11-тур учрашувлари якунига етганидан сўнг, Суперлигада узоқ муддатли танаффус юзага келади. Турнир 2026-йилги Жаҳон чемпионатидан сўнг давом эттирилади.

«Сурхон» 12-тур доирасида «Андижон» майдонига сафар қилади, «Пахтакор» эса «Локомотив» билан баҳс юритади.

Ўзбекистон Суперлигаси, 11-тур
«Сурхон» — «Пахтакор» 1:1
Голлар: 1:0 — Абдуллажонов (42), 1:1 — Азмиддинов (90+1)

Киритилди: 23:41 03.05.2026. Ўқилди: 175 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!