Бугун 5 август, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Султон Муҳаммад Шайбонийхон. У ким бўлган?

A A A
Султон Муҳаммад Шайбонийхон. У ким бўлган?

«Шайбонийлар сулоласи» асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон 1451 йилда таваллуд топган. У ғоят катта жисмоний кучга, ҳарбий ташкилотчилик қобилиятига эга, ёлланма қўшин бошлиғидан хон даражасига кўтарилган тарихий шахсдир.

Шайбонийхоннинг темурийларга қарши 1500-1509 йилларда олиб борган шиддатли урушлар оқибатида Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни ўз ичига олган «Шайбонийлар давлати»га асос солади.

Шайбонийхон давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш йўлида қатор ислоҳотлар ўтказди. Биринчидан у давлат бошқарувида суюрғол тизимини жорий этди, яъни забт этилган ҳудудларни бошқариш ишини ўз фарзандларига, қариндош-уруғларига, биродарларига, қабила бошлиқлари бўлган султонларга топширади.

Иккинчидан, у мамлакатда ер-сувни қайтадан тақсим қилди. Кўчманчи қабила зодагонлари енгилган маҳаллий мулкдорлар мол-мулкини мусодара қилиш, сотиш, эгасиз қолган ерларни ўзлариники қилиб олиш йўли билан мулкларини кўпайтириб олдилар.

Учинчидан, мамлакат ичида ижтимоий ҳаётни тартибга солишга имкон берувчи ислоҳот ҳам ўтказди. Кейинги 10 йил ичида солиқлар оғирлигидан ва мулкдорлар жабр-зулмидан ер-сувларини ташлаб кетган хўжаликлар ерларини ишга тушириш масаласини кўриб чиқди.

Шайбонийхон 1510 йил Марв яқинидаги Маҳмуд қишлоғида Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлди. Жанг тугаганидан сўнг унинг жасади аскарлар жасадлари орасидан топилган. Шайбонийхоннинг ваҳшийларча таниб бўлмас ҳолга келтирилган бошсиз танаси Самарқанддаги Баланд Суфа деган ерга дафн этилган.

Шайбонийхоннинг ҳаёт тарихида эътиборга молик уч муҳим нуқта бор:

У аввало, Ўрта Осиёликларнинг ички кучларига таяниб юришлар қилган ва оқибатда чегараси Амударё доирасидан жуда узоққа чўзилган бир мамлакатни барпо этган буюк соҳибқиронларнинг охиргиси эди. Бундан кейинги жанговар йўлбошчилар, маҳорат ва ҳирслари қанчалик катта бўлсада, бу борадаги бахт-омадга эришолмадилар.

Иккинчидан, бундан кейин Ўрта ва Ғарбий Осиёда қабилалар уруши тамомила барҳам топди. Ўзбеклар Турон яйловидан жанубий ғарбга тушган қавмларнинг энг сўнгги қабиласи бўлдилар.

Учинчидан, илк Аму ва Сир дарёларининг нариги тарафидаги мусулмонлар билан Ғарбий Осиёдаги дин қардошлари ўртасида жуда яқин бўлмасада, доимий бир алоқа бор эди. Темурийларнинг инқирози ва ҳалокатлари билан бу алоқа тамом бўлди. Хусусан, Сафавийларнинг шиаликни қувватлашлари сабабли алоқа узилиши янада чуқурлашди. Шайбонийнинг кўчманчи қавмлари билан бу ўлканинг шимол тарафига юриши, бунда тамомила маълум диний-ижтимоий ўзгариш қилган (шиалик тарқалиши) вақтларга тўғри келгани учун Мовароуннаҳр янада тезроқ мустақил бўлиб олди: жуда қадим замонлардаги каби Мовароуннаҳрнинг сув ҳудуди Турон билан Эрон орасида асосий бир чегара ҳолини олди.

Киритилди: 23:00 21.10.2019. Ўқилди: 28577 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!