Бугун 10 июнь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Суд тизимида янги назорат механизми: шаффофлик ва ҳалолликни таъминлашнинг қўшимча кафолати

Суд тизимида янги назорат механизми: шаффофлик ва ҳалолликни таъминлашнинг қўшимча кафолати

Президент Фармони билан суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Шу мақсадда Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизмати ташкил этилиши белгиланган.

Мазкур хизмат суд аппарати ходимлари фаолиятида коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қонунчилик ва касб этикаси талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Фармонга мувофиқ, суд аппарати ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига тегишли даромад ва мол-мулк тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш тизими жорий этилади. Бу орқали манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавфларни эрта босқичда аниқлаш имконияти кенгаяди.

Шунингдек, суд тизимига ишга қабул қилинаётган номзодларнинг касбий ва шахсий сифатлари, ҳалоллиги ҳамда коррупцияга қарши барқарорлиги баҳоланади. Суд аппаратига ишга қабул қилиш жараёнлари очиқ танлов ва меритократия тамойиллари асосида ташкил этилади.

Яна бир муҳим жиҳат — коррупция ва қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилади, фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналлари яратилади.

Кўзланган асосий мақсад — суд тизимида шаффофлик, ҳалоллик ва қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишдан иборат.

Киритилди: Бугун 12:43. Ўқилди: 211 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!