"Интер Майами" ҳужумчиси Лионель Месси "Барселона"ни диққат билан кузатишда давом этмоқда, бу ҳақда унинг жамоадоши Луис Суарес маълум қилди.
Ўтмишда иккала футболчи ҳам "кўк-анорранглилар" шарафини ҳимоя қилган. Аргентиналик 2021 йилда, уругвайлик эса бир йил аввал Каталония гранди сафини тарк этганди.
"Месси ҳамон "Барса"нинг барча ўйинларини томоша қилади ва унинг Флик давридаги муваффақиятларидан қувонади. Бир неча кун олдин Лео менга жуда ҳайратда ва фахрланаётганини айтди, чунки жамоа ўзлигини тиклади," - дея Суареснинг сўзларини келтиради журналист Мигель Бласкес.