Ижтимоий тармоқларда бир қанча фуқаролар кўп қаватли уй қурувчилари томонидан фирибгарликка учрагани ва бундан норозилиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Фуқаро Т.Нодир ва бошқалар 2021 йилнинг 11 август куни “STRONG CITIES” МЧЖни ташкил этиб, тегишли меъёрий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ва ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмасдан, бир нечта фуқароларнинг ишончига кириб, Олмазор тумани Уста Олим кўчасидаги ер майдонида кўп қаватли уйни қуришни ва ушбу уйдаги хонадонларни сотишни ваъда қилишган. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган талабларга зид равишда хизмат кўрсатувчи банкда алоҳида ҳисоб-варақ очмасдан, 2023-2024 йиллар давомида шартномалар тузиб, фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ("Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда содир этилиши") билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида фуқаро Т.Н. га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз ҳам ушбу ташкилотдан жабр кўрган бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг 71-206-42-39 рақамига ёки 102 рақами орқали мурожаат қилинг.