Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Тахиатош туманида қалбаки пул бирликларини айланмага киритмоқчи бўлган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Тезкор тадбир давомида фуқаро 200, 100, 50 ва 20 минглик купюрадаги жами 7 миллион 500 минг қалбаки ўзбек сўмини 2 миллион 500 минг ҳақиқий ўзбек сўми купюрасига сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.
Тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқаро кўрсатмасига асосан, ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилинган шахслар хонадонлари кўздан кечирилганида, қалбаки пул бирликларини ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ноутбук, рангли принтер, турли хил ўлчамдаги қайчи ва бошқа буюмлар ашёвий далил тариқасида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан 8 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.