Олий Мажлис Сенати собиқ “Тоштурма” ҳудудида қурилиши режалаштирилган хиёбон бўйича Тошкент шаҳар ҳокимига сенатор сўровини юборди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан Юнусобод тумани Намаган кўчаси 1-уй манзилида жойлашган собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси бино-иншоотлари ва унга тегишли ҳудуд Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган эди. Ҳужжат билан мазкур ҳудудда барча зарур инфратузилмага эга замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юклатилган.
Бироқ орадан анча вақт ўтганига қарамай, фармойишда белгиланган вазифалар ижроси ҳанузгача тўлиқ таъминланмаган. Ҳозирда ушбу ер майдонлари қаровсиз ҳолатда қолаётгани, айрим қурилиш компаниялари томонидан эса ҳудуддан хусусий манфаатларда фойдаланишга бўлган уринишлар кузатилаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга сенатор сўрови юборилди.
Сенатор Тошкент шаҳар ҳокимидан мазкур ҳудуднинг ҳозирги ҳолати, фармойишда белгиланган вазифалар бажарилиши кечиккани сабаблари ҳамда тегишли ер майдонини ободонлаштириш ва замонавий хиёбон барпо этиш бўйича кўрилган амалий чоралар юзасидан асослантирилган тушунтириш берилишини сўраган.
“Тоштурма”
Ҳукумат фармойиши билан 2018-йилда Тошкент шаҳар ҳокимлигига “Тоштурма”ни уч ой ичида бузиш, сўнг бузишдан бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда замонавий хиёбон барпо этиш вазифаси юклатилган. Халқ орасида “Тоштурма” номи билан машҳур бўлган мазкур ҳибсхона ўша йилнинг январ ойида Зангиота туманига кўчирилган эди.