Остона шаҳрида учувчисиз бошқариладиган биринчи йўловчи ҳаво таксисининг синов парвози бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Фуқаро авиацияси қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Икки нафар йўловчини ташишга мўлжалланган EH216-S русумли ҳаво воситаси соатига 130 километргача тезликда ҳаракатлана олади. Унинг бир марталик парвоз масофаси 35 километрни ташкил этади.
Маълум қилинишича, автоном қурилманинг илк йўловчиси мамлакат транспорт вазири Нурлан Сауранбаев бўлди.
"Дастлабки босқичда 5 дақиқадан 30 дақиқагача давом этадиган намойиш парвозлари амалга оширилади. Сўнг ушбу лойиҳа шаҳарнинг тўлақонли транспорт тизимига интеграция қилинади", — дейилади расмий ахборотда.