Яқинда “Daily Mail” нашри олим ва футуролог Эндрю Гриллнинг башоратини эълон қилди. Мутахассис “5G SA” технологияси ривожи, янги қурилма ва келажакда урф бўладиган буюмлар ҳақидаги фикрларини ўқувчилар билан баҳам кўрган.
Грилл таъкидлашича, атиги беш йилдан сўнг британ ўсмирлари оёғидан бошигача сунъий интеллект захирасидаги технология билан таъминланади. Улар ҳозирданоқ оддий ақлли соат ва фитнес-трекердан воз кечмоқда. Энди ёшлар кийим ёки пойафзалга ўрнатилган кичик чипдан фойдалана бошлайди.
Футуролог ушбу чипни 2021 йил “Apple” тақдим этган “AirTag” билан солиштирган. Танга ҳажмидага мазкур қурилма соҳиби ҳаётини енгиллаштириб, у ҳақдаги барча маълумотни тўплайди ва умумий тармоқда бирлаштиради.
Эксперт шундай мисол келтиради:
– Кўчада кетаётиб, нотаниш одам оёғида зўр кроссовкани кўриб қолдингиз. Бундай вазиятда ўша киши оёқ кийимини қаердан олгани ёки худди шундай кроссовкани қандай қилиб топиш мумкинлиги хусусида “фол очиш”га тўғри келмайди. Ўзи кийиб юрган, чип билан жиҳозланган “гапирувчи” сунъий онгли кроссовка бегона пойабзал ҳақидаги барча маълумотни беради. Барча зарур ҳавола смартфонингиздаги иловада пайдо бўлади.
Чип соҳибининг шахсий услуби, хоҳиши, маблағи ва яшаш тарзига оид маълумотни сақлайди. Келгусида харид қилиш мумкин бўлган буюм юзасидан маслаҳат беради. Хуллас, бундай матоҳдан фойдаланиш ҳаётнинг барча жабҳасида акс этади.