Россиялик мухолифат етакчиси Алексей Навальный қамоқхонада вафотидан олдин заҳарлангани икки давлатдаги лаборатория текширувлари орқали тасдиқланди. Бу ҳақда марҳум сиёсатчининг турмуш ўртоғи Юлия Навальная хабар берди.
Унинг айтишича, Навальнийнинг биоматериал намуналари яширин равишда хорижга олиб чиқилиб, мустақил тадқиқотдан ўтказилган. Ҳар икки лаборатория ҳам унда заҳарланиш излари борлигини қайд этган. “Мен Владимир Путинни турмуш ўртоғим Алексей Навальнийнинг ўлдирилишида айблайман. Мен Россия махсус хизматларини тақиқланган кимёвий ва биологик қуроллар устида ишлаётганликда айблайман”, — деди Навальная.
Юлия Навальная, шунингдек, эрининг қамоқхонадаги сўнгги кунига оид суратларни ҳам эълон қилди. Унга кўра, Навальний ўзини ёмон ҳис қилган, қайт қилган ва полга йиқилиб, кучли оғриқдан шикоят қилган. Аммо назоратчи Александр Белич камерада бўлаётган воқеаларга кўз юмган ҳолда эшикни ёпиб қўйганини айтади.
Маълумки, Россия қамоқхона хизмати 2024 йил февралида Навальний Арктикадаги махсус тартибли колонияда сайр қилгач ўзини ёмон ҳис қилиб вафот этганини хабар қилганди. Ғарб давлатлари бу ҳодисада Кремлни айблаган бўлса, Россия ҳукумати бундай эътирозларни қатъий рад этган. Навальний эса бундан олдин ҳам бир неча маротаба заҳарланишга уринишлардан омон қолган эди.