Бугун 14 декабрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Сирдарёда 8 ой давомида 216 та коррупциявий жиноятлар содир этилган

Сирдарёда 8 ой давомида 216 та коррупциявий жиноятлар содир этилган

Сирдарё вилоятида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати танқидий кўриб чиқилди.

Йиғилишда вилоят ҳокими, коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши раиси Акмалжон Маҳмудалиев ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов иштирок этди.

Дастлаб Агентлик директори Ишчи гуруҳ томонидан вилоятда ўтказилган ўрганиш якунлари, коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган, коррупция хавф-хатарларини келтириб чиқараётган масалаларга тўхталиб ўтди.

Вилоятда 2023 йилда жами 324 та, 2024 йилнинг 8 ойида эса 216 та коррупциявий жиноятлар содир этилган бўлиб, маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахслари томонидан содир этилаётган коррупция ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 2023 йилда содир этилган коррупциявий жиноятларнинг 21 таси (3 нафар ҳоким, 1 нафар ҳоким ўринбосари ва 17 нафар ҳокимлик ходимлари), жорий йилда содир этилган коррупциявий жиноятларнинг эса 11 таси маҳаллий ҳокимликлар (2 нафар ҳоким, 3 нафар ҳоким ўринбосари, 2 нафар ҳокимлик ходимлари, 3 нафар ободонлаштириш, 1 нафар ягона буюртмачи хизмати инжинеринг компанияси) масъул мансабдор шахслари ҳисобига тўғри келганлиги қайд этилди.

Шунингдек, вилоят ва туман-шаҳар ҳокимликлари айрим мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги масаласи ҳам танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда бу борада қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш, қонунбузилишларига йўл қўйган масъулларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Муҳокамалар якуни бўйича вилоятда коррупцияга қарши курашиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, бу борада айниқса, ҳудудий кенгаш фаоллигини кучайтириш, унинг аъзолари масъулиятини ошириш юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Киритилди: 14:38 05.10.2024. Ўқилди: 942 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!