Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Европа Иттифоқининг 2026–2027 йилларда Украинага 90 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш қарорини олқишлади.
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур қарор Украина учун молиявий хавфсизлик кафолатидир. «Россия умидларига қарамай, Европанинг Украинани қўллаб-қувватлаши сўнмайди. Россия активлари музлатилган ҳолда қолмоқда, Европа эса бирлашган ва кучлидир», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.
Сибига, шунингдек, Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас ва ЕИга аъзо давлатларга Украинага кўрсатаётган узлуксиз қўллаб-қувватлови учун миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, Европа Кенгаши мазкур кредитни Европа Иттифоқининг капитал бозорларидан қарз жалб этиш орқали, ЕИ бюджети кафолати асосида тақдим этишга келишиб олган.