Швеция миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган 20 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейси орқали Тошкент халқаро аэропортига олиб келинди. Фуқароларнинг ватанга қайтарилиши Ўзбекистон ва Швеция ваколатли идоралари ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳамкорлик натижасида амалга оширилди.
Маълумотларга кўра, депортация жараёни доирасида фуқароларни идентификация қилиш, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда хавфсиз ташиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ҳуқуқий масалалар қисқа муддатда ҳал қилинган. Чартер рейси орқали юртга қайтарилган фуқаролар Тошкентда тегишли тартибда кутиб олинди.
Мутасаддиларнинг билдиришича, мазкур жараён икки давлат ўртасида миграция соҳасидаги амалий ҳамкорликнинг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекистон томони хорижда бўлиб турган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ноқонуний миграция ва миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш бўйича хорижий давлатлар билан ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда.
Сўнгги йилларда Европа давлатларида миграция қоидаларини кучайтириш ва ноқонуний яшаш ҳолатларига қарши чоралар кескинлаштирилгани кузатилмоқда. Шу муносабат билан хорижда меҳнат фаолияти ёки бошқа мақсадларда бўлиб турган фуқароларга қабул қилувчи давлат қонунларига қатъий риоя қилиш тавсия этилмоқда.