Шимолий Корея Япония томон баллистик ракета учирди.
Япония Мудофаа вазирлиги камида эттита қисқа масофали ракеталар учирилганини қайд этди. Ракеталар 400 километр масофани учиб ўтиб, денгизга қулаган. Ҳеч қандай талофатлар қайд этилмаган.
КХДРнинг провокацияси АҚШда президентлик сайлови бошланишидан бир неча соат олдин содир бўлди.
"Бугун Корея ярим оролида ҳамда минтақада душманлар ва бизнинг ўртамуздаги кучлар тенглигининг бузилиши дарҳол уруш бошланишини англатади. Бу инкор этиб бўлмайдиган объектив воқеликдир", — дея фикр билдирди Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябр куни КХДР ҳукумати назарий жиҳатдан АҚШнинг материк қисмига етиб бориши мумкин бўлган Хвасон-19 ракетасини учирган эди.