Бугун 25 сентябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Шахмат олимпиадаси: Пешқадам Ўзбекистонни навбатдаги жиддий синов кутмоқда

Шахмат олимпиадаси: Пешқадам Ўзбекистонни навбатдаги жиддий синов кутмоқда

Самарқандда давом этаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида кураш тобора қизғин тус олмоқда. Турнирнинг 9-турида Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар терма жамоаларини жуда жиддий синовлар кутиб турибди.

Эркаклар ўртасида Ўзбекистон 14 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Навбатдаги рақиб — АҚШ терма жамоаси.

Америкаликлар сафида Фабиано Каруана, Уэсли Со, Левон Аронян ва Ҳанс Ниманн каби машҳур гроссмейстерлар бор. АҚШ ҳозирга қадар айрим очколарни бой берган бўлса-да, 13 очко билан Ўзбекистоннинг энг яқин таъқибчиларидан бири бўлиб турибди.

9-турда чемпионлик пойгасидаги бошқа жамоалар ҳам ўзаро муҳим баҳслар ўтказади. Германия Ҳиндистон билан, Хитой Франция билан, Озарбайжон эса Арманистонга қарши дона суради.

Шу боис, ушбу тур натижалари юқори ўринлар учун курашда катта аҳамият касб этиши мумкин.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам яхши суръатда давом этмоқда. Аввалги турда Нидерландияни 3:1 ҳисобида мағлуб этган вакилаларимиз 13 очко жамғариб, 6-поғонага кўтарилди.

Қизларимиз 9-турда амалдаги чемпион Ҳиндистон билан тўқнаш келади. Ҳар икки жамоа ҳисобида ҳам 13 тадан очко бор.

Аёллар баҳсида Хитой — Арманистон ҳамда Қозоғистон — Мўғулистон учрашувлари ҳам турнир жадвалидаги юқори ўринлар тақдирига таъсир қилиши мумкин.

Киритилди: Бугун 14:18. Ўқилди: 116 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!