Тошкентдаги Қорасув каналида Нил тимсоҳи аниқланиб, хавфсиз тарзда тутиб олинди ва реабилитация учун Тошкент ҳайвонот боғига топширилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Фуқаролар мурожаатидан сўнг қўмита ва ҳайвонот боғи мутахассислари ҳолатни ўрганган. Ҳозирда тимсоҳ каналга қандай келиб қолгани аниқланмоқда.
Нил тимсоҳи табиий шароитда Африканинг дарё, кўл ва ботқоқликларида яшайди. У тимсоҳларнинг энг йирик ва хавфли вакилларидан бири ҳисобланади.
Қўмита жисмоний шахсларга тимсоҳларнинг барча турларини сақлаш тақиқланганини эслатиб, ёввойи ҳайвонларни ноқонуний сақлаш ҳолатлари ҳақида тегишли органларга хабар беришга чақирди.