Европа вакиллари илк бор Украина ва АҚШ музокара гуруҳлари ўртасидаги онлайн учрашувда тўлиқ таркибда иштирок этди.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский кечки видеомурожаатида маълум қилди.
Қайд этилишича, Франция, Германия, Буюк Британия, Италия ва Польша вакиллари, шунингдек, Европа комиссияси, Европа кенгаши ва НАТО вакиллари илк бор Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокараларда тўлиқ таркибда қатнашган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, онлайн мулоқотда АҚШ президентининг вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ҳам иштирок этган.
«Европа ушбу мулоқотда илк бор Россия томони билан музокараларда иштирок этадиган барча вакиллар билан тўлиқ таркибда қатнашди. Дипломатик жараёнлар фаол давом этмоқда ва умид қиламизки, бу саъй-ҳаракатлар самарасиз кетмайди. Бизнинг жамоамиз имкон қадар конструктив иш олиб бормоқда. Биз урушнинг муносиб якунланиши ва Украина хавфсизлигининг кафолатланишига муҳтожмиз», — деди у.
Зеленскийнинг таъкидлашича, суҳбат осон кечмаган бўлса-да, натижали бўлган.
«Берлинда “Истакдорлар коалицияси” доирасида учрашиб, музокаралар жараёнидаги аниқ қўшма қадамларни ишлаб чиқамиз», — дея қўшимча қилди Украина президенти.