Қадрли ўғил-қизларим!
Ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Дунё шахмат осмонида ёрқин юлдуз бўлиб порлаган сиз, азиз фарзандларимни 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида эришган тарихий ғалабангиз билан чин қалбимдан табриклайман.
Икки карра олимпиада чемпиони деган юксак шарафли унвон, буюк зафар барчамизга, кўпмиллатли халқимизга муборак бўлсин!
Сизлар – Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади.
Нодирбек Абдусатторов барча ўйинлар давомида мағлубият нима эканини билмасдан, чинакам жамоа лидери эканини исботлаб, биринчи тахтада олтин медаль соҳибига айланди.
Нодирбек Ёқуббоев эса Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ вакилларига қарши муросасиз баҳсларда чинакам ирода ва матонат кўрсатиб, жамоамиз учун ҳал қилувчи ғалабаларни таъминлаганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. Айниқса, Ёқуббоевнинг ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши беллашуви ҳақиқий драматик жанг бўлди. Янги Ўзбекистон вакилининг энг қийин вазиятда ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларини кўриб, дунё шахмат мухлислари ҳайратдан қотиб қолди.
Яна бир мард ўғлонимиз, Жавоҳир Синдоров чемпионларга хос ўйин кўрсатиб, умумий ғалабага катта ҳисса қўшди.
Бундай йирик халқаро мусобақада биринчи марта иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ўғлимизнинг кучли рақибларига кутилмаган зарбалар бергани ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамагани юксак баҳога муносибдир.
Шамсиддин Воҳидов Ҳиндистон, Туркия ва Венгрия вакилларига қарши муросасиз ўйинларда ўзини йўқотмасдан, муҳим очколарни олишга эришгани ҳам мухлислар хотирасида сақланиб қолади.
Мусобақаларда иккинчи таркиб билан иштирок этган жамоамиз қайд этган натижа ҳам бизни қувонтиради. Жаҳонгир Воҳидов ўғлим кучли ирода кўрсатиб, ушбу жамоамизни совринли ўринлар сари бошлади. Испания, Англия ва Нидерландия каби давлатлар вакиллари устидан қозонилган ишончли ғалабалар унутилмас тарихга айланди.
Аёллар жамоамиз ҳам кескин курашларда ҳақиқий матонат намунасини кўрсатди. Улар АҚШ жамоаси билан тенгма-тенг баҳс олиб борганлари, 11 та турда 7 та ютуққа эришиб, ўн учинчи ўринни қўлга киритгани ҳам муҳим натижадир.
Самарқанд олимпиадасида парашахматчиларимиз ҳам улкан жасорат кўрсатиб, бундай ўйинлар тарихида биринчи марта бронза медалини қўлга киритишди. Селби қизим шахсий ҳисобда кумуш, Абдулазиз ўғлим бронза медалига сазовор бўлгани, Аҳадхон ўғлим умуман мағлуб бўлмагани мени жуда хурсанд қилди.
Ўзбекистон шахмат федерацияси ФИДЕ томонидан 2026 йилда «Энг яхши федерация» номинациясида ғолиб деб топилгани, тажрибали мураббий, гроссмейстер Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий витсе-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова ФИДЕнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президенти этиб сайланганини Ўзбекистоннинг шахмат мамлакати сифатида обрў-эътибори ошиб бораётганининг яна бир далили сифатида қабул қиламиз.
Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, келгуси фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Бизга мана шундай буюк шукуҳ, улуғ зафарларни тақдим этган шахматчи фарзандларимиз доимо соғ-омон бўлсин!
Сизларга ҳамиша порлоқ ғалабалар ёр бўлсин, азиз болаларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти