Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қирғизистон президенти ва қардош халқини мамлакатнинг 2027-2028-йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан табриклади.
Ўзбекистон етакчиси мазкур муваффақият Қирғизистоннинг фаол ташқи сиёсати ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшаётган салмоқли ҳиссаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётганининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Томонлар халқаро майдонда яқиндан мувофиқлаштирув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.
Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугунги кунда юксак даражага кўтарилганини қайд этди.
Олий даражадаги учрашувлар давомида эришилган, энг аввало, иқтисодиёт, транспорт, энергетика соҳаларида, маданий-гуманитар йўналишдаги келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.