Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши пойтахтда соддалаштирилган тартибда амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг манзилли рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақдаги қарор 26 май куни қабул қилинган.
Қарорга кўра, Тошкентнинг турли туманларида автомобиллар учун замонавий ёқилғи қуйиш шохобчаларини қуриш, шунингдек, хиёбонлар, яшил боғлар ва автотураргоҳлар ташкил этиш бўйича жами 43 та лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳалар Сергели, Бектемир, Чилонзор, Янгиҳаёт, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Олмазор, Учтепа ва Юнусобод туманларини қамраб олади.
Тасдиқланган рўйхатга кўра, 40 та манзилда замонавий ёқилғи қуйиш станцияларини барпо этиш режалаштирилган. Уларнинг аксарияти йирик автомобил йўллари ва маҳаллалар ҳудудларида жойлашади. Лойиҳалар 10 йил муддатга давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, учта манзилда бошқа инфратузилма лойиҳалари ҳам назарда тутилган. Хусусан, Олмазор туманидаги Жийдали маҳалласида food court ва спорт майдончаларини ўз ичига олган мажмуа ташкил этилиши режалаштирилган. Чилонзор туманининг Бешқўрғон ва Катта Дўмбиробод маҳаллаларида эса автотураргоҳлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, ДХШ объектлари жойлашадиган ер участкаларида ишларнинг шаҳарсозлик нормалари ва амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан назорат ўрнатилади. Қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар кенгашининг тегишли доимий комиссияси ҳамда пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари зиммасига юклатилган.