Бугун 8 ноябрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Шавкат Мирзиёев Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан музокара ўтказди (фото)

Шавкат Мирзиёев Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан музокара ўтказди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан учрашув ўтказди.

Президентимиз дастлаб Оқ уйнинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.

Сўнг Овал хонада етакчилар музокара ўтказдилар. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, “С5+1” форматида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари Доналд Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги юксак муваффақиятлари билан самимий табриклади. Унинг ўткир халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасида қўшаётган шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Дональд Трамп шу кунларда Ўзбекистон етакчиси АҚШ ҳукумати вакиллари, йирик компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан самарали учрашув ва музокаралар ўтказганини олқишлади.

Етакчилар қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг институционал механизмларини яратиш ва такомиллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари АҚШ етакчисини ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Киритилди: 06:41 07.11.2025. Ўқилди: 1324 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!