“Исмоил Жўрабеков мўтабар ёшда бўлишига қарамасдан сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, ўзининг бой билим ва тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан соҳани ривожлантириш, ёш кадрларни тарбиялаш ишларида фаол иштирок этди. Таниқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Исмоил Жўрабековнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади ҳамдардлик матнида.
Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд шаҳрида ишчи оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича таълим олди. Меҳнат фаолиятини 1955-йилда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги 8-жамоа хўжалигида муҳандис-гидротехник сифатида бошлади. Кейинчалик ушбу туманда Суғориш маркази бошлиғи, Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Самарқанд вилояти қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи, “Сувқурилиш” трести бошқарувчиси, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, мелиорация ва сув хўжалиги вазири каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилиб, республикамизда ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган.
1985-йилда Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Мустақиллик илк йилларида бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. Жўрабеков Давлат сув назорати бошлиғи, президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борган.
Исмоил Жўрабеков “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.