20 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш, жиҳозлаш ва экспозиция ишларини кўздан кечирди.
Мазкур йирик маданий-маърифий лойиҳа давлат раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ бошланган бўлиб, 2018 йил Рамазон ҳайити арафасида унинг пойдеворига тамал тоши қўйилган эди. Шу давр мобайнида марказ ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Иншоот миллий меъморлик анъаналари ва замонавий услуб уйғунлигида барпо этилган. 65 метр баландликдаги гумбаз ва 34 метрли тўрт пештоқли фасад марказнинг салобатини янада ошириб туради. Бинонинг марказий қисмида жойлашган Қуръони карим залида мусулмон дунёсининг энг қадимий ноёб нусхаларидан бири — Усмон Мушафи намойиш этилади. Шунингдек, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврига оид муқаддас китоблар ҳам ўрин олган.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан хорижда сақланаётган тарихий қўлёзмалар, алоҳида қадриятга эга манбалар ва буюмлар Ўзбекистонга қайтарилди. Марказ таркибида 460 ўринга мўлжалланган замонавий конференциялар зали ҳам қурилган бўлиб, халқаро миқёсдаги тадбирлар ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Марказда “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбекистон XX асрда” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари ташкил этилган. Бу экспозицияларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломалар мероси кенг ёритилган. Шунингдек, Биби Хоним, Нодирабегим, Увайсий ва Анбар отин сингари маънавият ҳомийлари фаолиятига бағишланган махсус бўлимлар ҳам мавжуд.
Президент Шавкат Мирзиёев марказ фаолиятини илмий-маърифий жиҳатдан бойитиш, ташриф буюрувчилар учун қизиқарли ва тушунарли шаклда ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, малакали гид ва мутахассислар тайёрлаш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича топшириқлар берди.
Давлат раҳбари марказ фаолияти орқали халқимизнинг бой тарихий, диний ва маънавий меросини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш муҳимлигини қайд этди.