Шу кунларнинг росмана шов-шувли воқеаси, шубҳасиз, дунёдаги энг қаттиқ қўриқланувчи музей – Луврдан бир қанча қимматбаҳо осори-атиқаларнинг ўғирлаб кетилиши бўлди.
Лекин бундан 114 йил аввал ушбу музейда янада каттароқ ва оламшумулроқ ўғирлик содир бўлган эди. Ўшанда машҳур “Мона Лиза” сурати музей собиқ ишчиси бўлган италиялик Винченсо Перуджиа томонидан жуда содда усулда, шунчаки олиб чиқиб кетилган.
Перуджиа 1911 йил 21 август куни эрта тонгда музей ходимлари киядиган оқ фартукда “Мона Лиза” олдига келиб, уни ҳимоя ойнасидан ажратган ва фартуги ичига ўраб, ташқарига чиқмоқчи бўлган. Аммо зинапоядан тушишда эшик ёпиқлигини кўргач, суратни ерга қўйиб, эшикни очишга уринган. Тўсатдан пайдо бўлиб қолган санитар эса Перуджиани музей ходими, деб ўйлаб, унга эшикни очиб берган.
Музейдагилар Да Винчининг шоҳ асари йўқолганини деярли бир суткагача сезишмаган. Сурат эса Перуджианинг Париж чеккасидаги бир хонали квартирасида 2 йил яширин сақланган. Бу орада машҳур рассом Пабло Пикассо ҳам ўғирликда гумонланиб, сўроқ қилинган. Бир пайтлар Луврда айнан “Мона Лиза”нинг ҳимоя рамкасини қуришда қатнашган Перуджиа ҳам полиция томонидан икки бор сўроқ қилинган бўлса-да, у жиддий гумондор сифатида кўрилмаган.
“Аср ўғриси” 1914 йил Италияда асарни сотмоқчи бўлганида қўлга олинган ва Да Винчи дурдонаси қарийб уч йил ўтиб Луврга қайтарилган. Бу ўғирлик “Мона Лиза”ни шу қадар машҳур қилиб юборганки, музейга қайтарилганидан кейинги икки кун ичида уни кўриш учун 120 мингдан ортиқ одам ташриф буюрган.