Юртимиздаги хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида 2 минг мегаваттли кичик қуёш панеллари ўрнатилди. Уларда шу йилнинг ўзида қўшимча равишда 2 миллиард киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилди. Шунингдек, ҳудудларда 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстансиялар янгиланди.
Соҳадаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда.
Ушбу корхоналар томонидан янги қурилаётган электр стансиялари ва тармоқларига йил бошидан буён 700 миллион долларлик қурилиш материаллари, металл конструксиялар, кабель ўтказгичлар, электр қурилмалари етказиб берилди, лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари кўрсатилди.
Масалан, Норин каскад ГЕСининг 38 мегаваттли илк гидроелектр стансияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда ишга туширилди.
Президентимиз соҳа ривожига хизмат қиладиган қурилиш, электротехника ва сервис корхоналаримиз келгусида халқаро стандартларга жавоб берадиган йирик миллий компанияларга айланишига ишонч билдирди.
"Шу маънода, бугун ишга туширилаётган ва йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган "Angren Energo" ҳамда 155 та гидроагрегат тайёрлаб берадиган "O‘zhydropower” корхоналари катта истиқболга эга, десак тўғри бўлади" - деди давлатимиз раҳбари.