Маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга туширилади, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилади.
Хусусан, ҳудудларимизда жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро стансия фойдаланишга топширилади. Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказилади.
“Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир”, – деди Президентимиз.
Энг муҳими, “тоза” энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам ишга туширилмоқда. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.
Фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстансия ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.