Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Шаҳрисабзда шифокор ва ҳамшира беморнинг умрига зомин бўлди

Шаҳрисабзда шифокор ва ҳамшира беморнинг умрига зомин бўлди

Инсон иссиқ жон-да. Баъзан иситма чиқади, баъзан боши оғрийди, қон босими ошади. Шундай пайтлар нажот излаб дўхтирхонага югуради.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судининг раиси Лазиза Расуловага кўра, 2019 йил 12 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани юқумли касалликлар шифохонасига соғлигини тиклаш учун борган 50 ёшли Холмурод Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) шифокорларнинг айби билан ҳаётдан бевақт кўз юмди.

2019 йил 10 сентябрь куни Холмурод аканинг ошқозони оғрий бошлади. Бу хол икки кун давом этгач, хотини Мафтуна опа эрининг соғлиғидан хавотир олиб тушга яқин туман юқумли касалликлар шифохонасига олиб борди.

Қабулхонадаги навбатчи шифокор Т.Норов Х.Раҳимовнинг қон босимини ўлчаб, юрак уришини текширди. Шикоятини эшитгандан сўнг дори ёзилган оқ қоғозни Мафтуна опага бериб, “Опа, шифохонанинг чиқиш эшиги олдида “55” номли аптека бор, шундан мана бу дориларни олсангиз бўлади” деди. Мафтуна опа шифокор ёзиб берган дориларни тезда сотиб олиб келтирди.

Ҳамшира Дилнавоз Саидова  беморни бўш турган хонага олиб кириб, кроватга ётинг ишорасини қилди. Осма уколга қандайдир дориларни қўшиб, ўнг қўл билак соҳасига, яъни вена қон томирига улаб қўйди. Мафтуна опа эрининг ёнида эди. Орадан 5 дақиқалар ўтганидан сўнг турмуш ўртоғи қўли оғриётганидан шикоят қилди. Ҳамшира Холмурод аканинг қон томири ёрилиб кетгани учун вена қон томирига уланган уколни суғуриб олиб, мушт қисмига улади.

Орадан яна 5 дақиқалар ўтди.

Мафтуна опа ҳамширага синама қўйишни илтимос қилди.

- Ҳеч нарса қилмайди, опа, ҳаммага шунақа усулда қўямиз, - деди ҳамшира.

Осма уколга шприц ёрдамида антибиотик дори воситасини юборди. Ҳамшира Мафтуна опадан эрига қараб туришини айтиб ўзи чиқиб кетди.  

Орадан 3-4 дақиқалар ўтиб, Холмурод аканинг соғлиги баттар ёмонлашди. Хотини эшик олдига бориб, ҳамширани чақирди. Бироқ ҳамширалар ҳам, шифокорлар ҳам ҳадеганда келавермади. Холмурод ака қайд қилди, муштига уланган уколни суғуриб ташлаб, ўрнидан туриб, тахминан 5-6 қадам юрганидан сўнг, кроватни ушлаб, тўхтаб қолди. Бақир-чақирдан палатага ҳамшира ва шифокорлар кириб келишди.

Беморнинг қўллари қалтираб, оёқлари совий бошлади. Унга сунъий нафас бериб кўришди. Хуллас, у қилишди, бу қилишди, шифокорлар беморнинг ҳаётини сақлаб қолиша олмади. Бир инсон шифокорларнинг айби ва масъулиятсизлиги туфайли бевақт ҳаётдан кўз юмди...  

Табиийки, масъулиятсиз тиббиёт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Судга оид тиббиёт экспертизасининг 2019 йил 8 ноябрдаги хулосасида, марҳум Х.Раҳимовнинг ўлими – дори воситасининг организмга кириши жараёнида ривожланган ножўя таъсири натижасида юзага келган ўткир юрак қон томир ва ўпка етишмовчилигидан келиб чиққанлиги кўрсатилган эди.

Суд, судланувчи Д.Саидоваанинг ножўя таъсир кўрсатиши мумкин бўлган дори воситаси организмга, хусусан вена орқали синамасиз юборилганида, башарти бундай ҳолатда организмга дори воситаси ножўя таъсирини кўрсатса, дори вена томири орқали организм ички муҳитига тушиб, ёт дори воситасининг организмга индивидуал ёқмаслиги натижасида аллергик реакциянинг оғир тури бўлган анафилактик шок юзага келишини билгани сабабли ўша вақтда Х.Раҳимовга цефтриаксон дори воситасини билак соҳасига синама учун 0,01 грамм миқдорда юборгани, қолган қисмини юбормагани ҳақидаги важларини жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида ўйлаб топилган деб ҳисоблаб, марҳумнинг қонуний вакили ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан рад қилишни лозим топди.

Суд, судланувчи Т.Норовга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда, қилмишига иқрор ва пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, шахсини, муқаддам судланмаганини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини, жабрланувчига етказилган зарарлар қопланганини инобатга олиб, қонун санкцияси доирасида озодликни чеклаш жазоси тайинлашни ҳамда бевосита хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолда жиноят содир этгани сабабли ЖК 45-моддасига асосан тиббий стационар даволаш муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинлашни, судланувчи Д.Саидовага нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда, қилмишига иқрор ва пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, худди шундай ЖК 45-моддасига асосан тиббий стационар даволаш муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинлашни лозим топди.

Марҳумнинг қонуний вакили М.Раҳимованинг Т.Норовга нисбатан даъвоси йўқлигини, Д.Саидова томонидан марҳумнинг вакилига етказилган зарар учун 35.000.000 сўм қопланганини инобатга олди. Қолган зарарлар бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Суд Т.Норовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 116-моддасининг 3-қисми билан ЖК 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга тиббий стационар даволаш муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.Сутканинг кеч соат 23:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши чекланди.

Д. Саидовага ҳам худди шундай жазо тайинлаб, унинг зиммасига назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ёки иш жойини ўзгартирмаслик каби қўшимча тақиқлар қўйди.

Вақт ўтар, судланувчилар жазо муддатини ҳам ўтаб чиқади, аммо масъулиятсизлик қурбони бўлган бир инсон ҳаётга қайтмайди. Агар тиббиёт ходимлари ўз вазифасига масъулият билан ёндошганида бемор Х.Раҳимов тирик, бир аёл бева, фарзандлар етим қолмаган бўларди...

Киритилди: 17:25 28.10.2020. Ўқилди: 6418 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!